Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган хайрия тадбирлари маркази ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова брифингда маълум қилган.

Ушбу марказга 1 апрель куни ҳомийлар томонидан 5 тонна ёғ, 10 тонна пиёз, 5 тонна гуруч, 20 тонна 2 турда макарон, 10 тонна 250 кг картошка, 5 тонна шакар, 10 минг дона маска, 20 минг дона қўлқоп, 5 минг дона бир марталик комбинезон тўпланган.

2 апрель куни Тошкент шаҳрининг 350 та хонадонга 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилади. Ушбу ишни ташкил этиш учун ҳар бир туманга 2 тадан — жами 22 та «Дамас» автомашинаси ажратилган.

Эҳтиёжманд оилаларга ёрдамларни маҳалла раиси ҳамроҳлигида етказилади. Маҳсулотлар ва хонадонга ташриф буюрувчилар карантин талабларига тўла мувофиқ кийинган, дейилади баёнотда.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 1 апрелдан бошлаб якка ҳолдаги хайрия тадбирларини чеклаш ва уларни марказлаштириш тавсия этилган эди. Вазир ўринбосарининг айтишича, айрим хонадонларга устма-уст ёрдам берилгани ҳолда, айрим хонадонлар эътибордан четда қолаётгани ҳақида 200 га яқин норозилик мурожаатлари бўлган.