Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш тадбирлари доирасида Республика махсус комиссияси янги тартибларни эълон қилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ахборот хизмати «Газета.uz»га маълум қилган.

Янги тартибга кўра 1 апрелдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида «ўзини яккалаш» (само изоляция) ҳаёт тарзи жорий этилади. Зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилади.

65 ёшдан юқори бўлган фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилади.

Коронавирус инфекциясига қарши кураш жараёнида турли хайрия акцияларини уюштирилмоқда. Лекин мутахассисларнинг фикрига кўра, бу турдаги акциялар давомида COVID-19 вирусининг янада кенг тарқалиш хавфи жуда юқори. Махсус комиссия хулосасига кўра санитария-гигиена қоидалари ва карантин талабларини четлаб ўтиб, якка тартибда хайрия тадбирларини амалга ошириш аҳоли, айниқса нуронийлар ҳаётини жиддий хавф остига қўяди.

Мазкур жараёнда якка тартибдаги хайрия акцияларини 1 апрелдан эътиборан вақтинча тўхтатиш мақсадга мувофиқлиги айтилган.