Янги турдаги коронавирус пандемияси сабабли Евросиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) коллегияси 30 июнгача Евросиё иқтисодий иттифоқидан қатор маҳсулотлар, шу жумладан гречка, гуруч, жавдар, пиёз ва кунгабоқар уруғларини олиб чиқишни тақиқлашга қарор қилди. Бу ҳақда комиссиянинг ўз сайтидаги баёнотида сўз боради.

Қарор 31 мартда қабул қилинди ва 10 кундан кейин кучга киради. «Тақиқловнинг жорий қилиниши аҳолини санитария-эпидемиология вазиятининг ёмонлашуви даврида етарли миқдордаги товарлар билан таъминлайди», — дейилади баёнотда.

Комиссия, шунингдек, иттифоққа божсиз олиб кириладиган товарлар рўйхатини тўлдириш бўйича ҳам ишларни давом эттирмоқда. Улар таркибида бирламчи эҳтиёж товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, саноатнинг айрим тармоқлари учун муҳим бўлган хом ашё ва компонентлар бўлиши мумкин.