Ўзбекистондан қайтган Қозоғистон фуқаросида коронавирус аниқлангани ва у Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги тўй маросимида иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнот берди.

Баёнотга кўра, мазкур вазият юзасидан Қозоғистоннинг тегишли идоралари томонидан Ўзбекистонга расмий маълумот келиб тушмаган. Вазирлик томонидан чуқурлаштирилган профилактик чора-тадбирлар (эпидемиологик суриштирув) ўтказилмоқда.

Маълум бўлишича, 14 март куни Қозоғистонда доимий яшовчи 20 нафар фуқаро (шуларнинг 3 нафари вояга етмаган) микроавтобусда Қорақалпоғистонга меҳмонга келиб, уларнинг 16 нафари (2 нафари вояга етмаган) Тўрткўл тумани «Тозабоғёп» ОФЙда яшовчи фуқаронинг уйида меҳмон бўлиб қолган. Қолган 4 нафар меҳмон (1 нафари вояга етмаган) Элликқалъа тумани «Элликқалъа» ОФЙда яшовчи фуқаронинг уйига меҳмонга кетган.

Қозоғистонлик фуқароларнинг Ўзбекистонга келишдан мақсади тўй маросимларида иштирок этиш бўлган. 14−25 март кунлари оралиғида Тўрткўл туманида бўлган фуқаролар 3 хонадонда меҳмонда бўлиб, 18 март куни никоҳ тўйида қатнашган. Элликқалъа туманида бўлган фуқаролар 2 хонадонда меҳмонда бўлган.

Меҳмонга келган 20 нафар фуқаро 25 март куни Тўрткўл туманидан Тошкент вилоятининг «Ғишткўприк» чегара пости орқали Қозоғистонга чиқиб кетган. Йўлда кетаётиб ҳеч қаерда тўхтамаган, бошқалар билан мулоқот қилмаган, ўзларининг ёнида бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилган.

Қозоғистон фуқароларининг барчаси 26 март куни ўз манзилларига етиб борган ва улар тегишли тартибда карантинга олинган. Уларнинг ичида 60 ёшли аёлда лаборатория текширувлари натижаси бўйича коронавирус касаллигига гумон қилиниб, юқумли касалликлар касалхонасига жойлаштирилган.

Касаллик билан гумон қилинган фуқаронинг яқинлари берган маълумоти бўйича, аёлнинг лаборатория текширув натижаси коронавирусни кўрсатган бўлса ҳам, аёлда ва у билан мулоқотда бўлган фуқароларда касаллик белгилари йўқ, уларнинг аҳволи яхши.

Вазирликнинг маълумот беришича, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида қозоғистонлик фуқаролар билан мулоқотда бўлган одамлар аниқланиб, тиббий кўрикдан ўтказилган, тегишли лаборатория таҳлиллари олинган. Уларнинг тана ҳарорати назоратга олиниб, 14 кунлик уй шароитидаги карантинга олинган. Шу кунга қадар бу фуқароларнинг ҳеч бирида коронавирус касаллигининг белгилари аниқланмади.

Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Тўрткўл туманида карантинга олинган 3 та оиланинг аъзолари коронавирусга тест топширишган ва улардан ҳеч кимда инфекция аниқланмаган.

Баёнотда қўшимча қилинишича, 31 март соат 22:30 ҳолатига кўра, Қорақалпоғистонда коронавирусга чалинган бирорта бемор аниқланмади.