Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами — 14 968 та ҳолат аниқланган. Бу ҳақда ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг 289 нафари 18 ёшгача, 8152 нафари 18−30 ёш, 5119 нафари 31−50 ҳамда 1408 нафари 51 ва ундан катта ёшдаги фуқаролардир.

Улар орасида энг кўп қоидабузарлик ҳолатлари Тошкент шаҳрида (2 621 та) ва Фарғона вилоятида (1 934 та), энг ками эса Навоий (241 та) ва Хоразм (370 та) вилоятларида қайд этилган.

Хабарга кўра, жамоат жойида тиббий ниқоб тақмаслик (14459 та ҳолат), карантин ҳудудини ташлаб кетиш (287 та), санитария ва эпидемиология қоидаларига зид равишда савдо фаолиятини давом эттириш (139 та) маросим ва йиғин ўтказиш (23 та), ижтимоий тармоқларда ваҳима ва асоссиз хабарлар тарқатиш (8 та) ва бошқа қоидабузарликлар аниқланиб, уларга қарши маъмурий жазо чоралари қўлланилган.

Хусусан, 29 март куни соат 11:00 ларда фуқаро Б.Р. Навоий вилояти Учқудуқ тумани «Абай» маҳалласи ҳудудида тиббий ниқобсиз юриш билан бирга, спиртли ичимлик ичиб маст ҳолда фуқаролар тинчилигини бузган. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси, 194-моддасининг 2-қисми ҳамда 54-моддасининг 1-қисмига асосан 10 сутка қамоқ жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, карантин қоидалари бузилгани юзасидан 4 та жиноий қўзғатилиб, 4 киши гумондор тариқасида қамоққа олинган. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.