Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморларнинг қайси ҳудудларда даволанаётгани ва уларнинг қайси ҳудудлардан эканини маълум қилди. Аввалроқ ССВ Тошкентда даволанишда бўлган ушбу инфекция юқтирган беморларнинг қайси ҳудудлардан экани ҳақида хабар берган эди.

Жумладан, Фарғона вилоятида коронавирус инфекциясига чалинган 26 нафар бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Фарғона ушбу кўрсаткич билан Тошкент шаҳридан кейинги ўринда туради. Уларнинг 9 нафари фарғоналик. Қолган 4 нафари андижонлик, 1 нафари жиззахлик, 3 нафари самарқандлик,7 нафари пойтахтлик, 2 нафари Тошкент вилоятидан.

Касалликка чалинганларнинг 17 нафари шу йилнинг 25 март куни битта рейсда Туркиядан Фарғонага чартер рейсда келишган йўловчилар орасида аниқланган. Шу куниёқ улар стационар карантинга олиниб, касаллик тасдиқлангач ихтисослашган тиббиёт муассасасига ўтказилган.

Наманган вилоятида эса 15 ҳолатда ушбу инфекция аниқланган. Уларнинг 13 нафари 12 ва 13 март кунлари Туркия сафарида бўлиб қайтишган икки нафар коронавирус инфекцияси билан касалланган фуқародан юқтириб олишган. Айни пайтда беморлар вилоят юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонада даволанишмоқда. Илгари хабар берганимиздек, бир нафар бемор вафот этган.

Андижон вилоятида 8 нафар бемор бор ва уларнинг барчаси андижонликлар. Бундан ташқари бошқа вилоятларда яна 6 нафар андижонлик бемор бор — 2 нафари Бухорода, 4 нафари Фарғонада вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанишмоқда.

Ҳозирда бир нафар хоразмликда ушбу инфекция тасдиқланган. Аммо вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бундан ташқари, яна 5 нафар бемор даволанмоқда. Уларнинг 2 нафари сурхондарёлик, 1 нафари бухоролик, 1 нафари қорақалпоғистонлик, 1 нафари эса фарғоналик ҳисобланади.

Бухоро вилоятида 8 нафар, жумладан, Андижон ва Самарқанд вилоятларидан 2 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё вилояти ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан 1 нафардан бемор даволанмоқда. Уларнинг 4 нафари 22 март куни Истанбул — Бухоро чартер рейсида ва яна 4 нафари эса 24 март куни Москва — Бухоро чартер рейсида келган ва карантинга олинган, касаллиги тасдиқланиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанишмоқда.

Бундан ташқари, юқорида таъкидлаганидек, Москвадан чартер рейсида келиб, касаллиги тасдиқланган 2 нафар бухоролик пойтахтда ва 22 мартда Москвадан чартер рейсида Урганчга учган бир нафар ушбу вилоят фуқароси Хоразм юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Айни вақтгача уч нафар қашқадарёликда ушбу инфекция аниқланган. Шундан бемор билан мулоқот орқали ушбу инфекцияга чалиниб бир нафар фуқаро вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган бўлса, қолган 2 нафари 21 март ва 28 март кунлари Москваданкелган шаҳрисабзлик ва яккабоғлик фуқароларда аниқланган. Улар пойтахтдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасида муолажа олишмоқда.

Навоий вилоятидан ҳам 2 нафар асли ушбу ҳудуддан бўлган ва касалликка чалинган бемор билан мулоқотда бўлган фуқарода инфекция аниқланиб, вилоят юқумли касалликларга ихтисослашган муассасада даволанишмоқда.