Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигига оид масала кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши қарори билан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Унинг таркибига парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, қўмиталар раислари, соҳани чуқур биладиган депутатлар киритилган.

Ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар:

  • ЕОИИ билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсирини чуқур таҳлил қилиш;
  • қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларига ЕОИИ билан ҳамкорликнинг мослигини ўрганиш;
  • ҳамкорликнинг ҳар бир иқтисодиёт тармоғига ижобий ва салбий таъсирини батафсил ёритиб бериш;
  • ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бошқа халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлигига таъсирини ҳар томонлама кўриб чиқиш.

Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси Вазирлар маҳкамаси томонидан ахборот-таҳлилий маълумотлар билан таъминлаб борилади. Ҳукумат кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиб, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи юзасидан фуқаролар ҳамда бизнес ҳамжияти ўртасида ижтимоий сўров ўтказади, ва унинг якунлари юзасидан таҳлилий маълумотларни тақдим этади.

Қонунчилик палатасида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан иқтисодий интеграция масаласида Ўзбекистон иқтисодиётининг йирик тармоқлари ўрганилади, етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, хорижий ва маҳаллий мутахассисларнинг таклифлари ҳамда хулосалари олинади.