Ўзбекистон Марказий банки кредит ташкилотларига аҳолининг кредит тўловлари муддатларини узайтириш юзасидан мурожаатларини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди, дея хабар қилди МБ матбуот хизмати.

Мазкур кўрсатма коронавирус пандемиясининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларида кредитларни қайтариш билан боғлиқ салбий оқибатларини юмшатишга қаратилган.

Бунда кредит ташкилотларига аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит тўловлари муддатларини узайтиришда фақат мурожаатномани тақдим этиш билан чекланиш лозимлиги таъкидланган. Мурожаатномада:

  • кредит тўловларини узайтириш юзасидан асослантирилган изоҳ;
  • карантин даври якунлангандан сўнг кредит ташкилоти томонидан белгиланган муддат ичида кредит шартномасига киритиладиган ўзгартиришларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштириш юзасидан қарздорнинг мажбурияти қайд этилиши лозим.

Ўз навбатида, карантин даври тугагандан сўнг белгиланган муддат ичида қўшимча ҳужжатларни қонунчиликка мувофиқ расмийлаштирилмаган тақдирда, кредит шартномасига киритилган ўзгаришлар кредит ташкилоти томонидан бекор қилиниши ва дастлабки шартнома шартлари кучга киради.

Хабарда қайд этилишича, бугунги кунда тижорат банклари томонидан мурожаатларни масофавий қабул қилиш тизимлари яратилмоқда. Ушбу масофавий хизматлар тўғрисида банкларнинг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали қўшимча маълумот олиш мумкин.