Ботир Эркинович Зоҳидов Ўзбекистон Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар қилди МБ матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Ушбу тайинловга қадар у 2017 йил августидан буён МБ раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ботир Зоҳидов (1982 йилда туғилган) Тошкент молия институтини (2003) ва Банк-молия академиясини (2008) тамомлаган. У Марказий банкнинг валюта айирбошлаш операциялари бўлимини бошқарган.

Марказий банк раҳбарининг собиқ биринчи ўринбосари Илҳом Иброхимович Норқулов янги ташкил этилган иқтисодий тараққиёт ва камбағаликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланиши кутилмоқда, дея хабар берди «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбалари.

У 2019 йил май ойидан бери Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.

Илҳом Норқулов (1981 йилда туғилган) Тошкент давлат иқтисодиёт университети (бакалавр) ва Глазго университетини (Буюк Британия, магистр) тамомлаган.

Иқтисодиёт вазирлиги тизимида ва иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳасида ишлаган. У Марказий банкда ўз фаолиятини 2010 йилда бош иқтисодчи лавозимидан бошлаган. 2013 йилдан 2018 йилгача у Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати бўлимини бошқарган, 2018 йилдан 2019 йилгача Марказий банк раҳбарининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Аввалроқ Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилиши маълум қилинган эди.