Коронавирус билан касалланганларга хусусий тиббиёт ташкилотлари ҳам хизмат кўрсатади. Адлия вазирлигининг хабар қилишича, бу Ўзбекистон президентининг 26 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида жой олган.

Қарорга мувофиқ, нодавлат тиббиёт ташкилотларига коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга, истисно тариқасида, 2020 йил 1 сентябрга қадар тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилди.

Нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва нодавлат тиббиёт ташкилоти ўртасида тузиладиган шартномага кўра амалга оширилади.

Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун нодавлат тиббиёт ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, истисно тариқасида, танлов (тендер) ўтказмасдан аниқланади.

Нодавлат тиббиёт ташкилотларининг коронавирус билан касалланганларга тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлари Инқирозга қарши кураш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, заруратга кўра, нодавлат тиббиёт ташкилотлари билан келишган ҳолда уларнинг лаборатор-диагностика хизматларидан фойдаланилади.