Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов узоқ давом этган хасталикдан сўнг 26 март куни 86 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Охунжон Ҳакимов (1934 й. т.) Фарғона Давлат педагогика институтини тугатган. Вилоят ва республика марказий газеталарида, «Меҳнат ва турмуш» журналида фаолият кўрсатган. У ҳамиша одамларнинг бахт-саодати, имони, маънавият ҳақида ўз қарашларини олға суради, дейилади Arboblar.uz сайтида.

Шоирнинг «Илҳом водийси», «Фарғона рубоийси», «Ватан қасидаси», «Лирика», «Достонлар», «Кўзларингни ўзи қора», «Қизлар хаёл сурсалар» каби шеърий гулдасталари, «Муҳаббатни кўзлардан изланг» (1996) номли шеърий мажмуаси ҳамда «Яшасин, довдирлар», «Яша, сўрғич», «Қатиқхўр», «Қадр», «Хотинимнинг муовини» каби ҳикоялари билан машҳур эди.

У «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган. 2006 йилда «Ўзбекистон халқ шоири» унвони берилди.