Хитой ҳукумати эпидемиологик вазият яхшилангани боис 25 мартдан Хубэй, 8 апрелдан эса унинг маъмурий маркази Ухан билан транспорт чекловларини бекор қилади, дея хабар берди РИА Новости.

Икки ҳафталик давр мобайнида карантин бекор қилиниши натижасида мамлакатдаги эпидемиологик вазиятнинг ўзгариши таҳлил қилинади. Бунда эпидемия ўчоғида ташқи дуёндан узилиб қолган шахсларнинг сафарлари ҳисобга олиб борилади.

Бироқ янги турдаги коронавирус тарқалиш манбаи бўлган Ухандаги эпидемиологик вазият яхшиланган бўлса ҳам, шаҳар аҳолиси яна икки ҳафта қатъий карантин остида бўлади.

Шаҳар ва провинциядан чиқиш ва ҳаракатланишга фақат соғлом фуқароларга рухсат берилади, барча сафарлар «саломатликнинг яшил коди» деб номланган қоидаларга қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади. Ушбу қоидалар кишининг соғломлиги ва атрофдагиларга хавф туғдирмаслигини англатади.

Хубэй провинциясида «яшил код» олиш учун саломатлиги, тўлиқ исм-шарифи, шахсини тасдиқловчи рақам, телефон рақами, яқин вақтлардаги сафарлари, алоқалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши, шунингдек, коронавирус нуклеин кислотаси тестидан мажбурий ўтиши керак бўлади.

Код олган киши транспорт, жамоат жойларига киришда, шунингдек, шаҳардан ва провинциядан чиқишда сканердан ўтказиши керак бўлади. Агарда саломатлигида муаммолар бўлса, фуқарога қизил код берилади ва унинг жамоат жойларига бориши тақиқланади, транспортдан фойдалана олмайди.