Халқаро валюта жамғармаси бошқарув директори Кристалина Георгиева коронавирус билан боғлиқ фавқулодда ҳолат муносабати билан Катта йигирмалик (G-20) молия вазирлари ва марказий банк раислари билан телефон орқали мажлис ўтказди. Бу ҳақда ХВФнинг расмий сайтида хабар берди.

Мазкур конференцияда Кристалина Георгиева G-20 молия вазирлари ва марказий банк раисларининг коронавирусга қарши тезкор амалий чора-тадбирларини олқишлаб, дунё иқтисодиётига етказиладиган зарарини камайтириш мақсадида барча мамлакатларни соғлиқ сақлаш тизимига алоҳида эътибор беришларига чақирди.

Шунингдек, ривожланаётган давлатлар инқирозга қарши курашда ривожланган давлатларга нисбатан заифроқ эканлигини инобатга олиб, ХВЖ томонидан ўз аъзолари учун фавқулодда молиялаштириш масаласини кучайтиришини ва ўз жамғармасидан 1 трлн доллар ҳажмли кредит ажратишга тайёрлигини билдириб ўтди.

«Бу фавқулодда ҳолатдир. Кўплаб мамлакатлар аллақачон мисли кўрилмаган чоралар кўрмоқда. ХВФ барча аъзо мамлакатлари билан иш олиб бориб, худди шундай чоралар кўради. Биз бу фавқулод шароитларда бутун дунё инсонларини қўллаб-қувватлаш учун бирга турайлик», — дея Кристалина Георгиева ўз нутқини якунлади.