Авазбек Жабборқулович Ходжиметов Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи — Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби этиб тайинланди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Ушбу лавозимда бунга қадар 2011 йилдан буён Адилбек Каипберганов фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Авазбек Ходжиметов (1974 й. т.) Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳамда Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини ТИВ ҳузуридаги «Жаҳон» ахборот агентлигида бошлаган. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида пресс-аташе сифатида (2004−2007), ТИВнинг БМТ ишлари ва халқаро ташкилотлар бошқармасида (2007−2009) фаолият кўрсатган.

Президент девонида турли лавозимларда ишлаган (2009−2015). Халқаро ҳамкорлик ва хавфсизлик ишлари бўйича мувофиқлаштирувчи-таҳлилий марказига раҳбарлик қилган (2015−2016). Президент матбуот котиби (2016), президент матбуот хизмати ххборот-таҳлил ишлари бўйича сектори мудири ҳамда Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари (2019) бўлиб ишлаган.