Ўзбекистон ҳудудида бўлган хорижий фуқароларнинг виза муддатини жорий йилнинг 5 май санасигача автоматик тарзда узайтирилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур қарор Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича махсус комиссия йиғилишида чет элликларнинг мамлакатдан чиқиб кетишларидаги муаммоларни инобатга олган ҳолда қабул қилинди.

Шунингдек, ҳужжатга кўра, муайян муддатга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар фуқароларига ҳам (белгиланган муддат бузилган тақдирда) истисно тарзида мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишига 5 майига қадар рухсат берилади.

Юқоридаги ҳолатларда хорижий мамлакатлар фуқароларига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмайди ҳамда жарима ундирилмайди. Транспорт вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда хорижий фуқароларнинг ўз ёки учинчи мамлакатга қайтиши учун харид қилинган Uzbekistan Airways авиачиптаси мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг қайтиб кетиши учун тегишли рейсларини қўшимча маблағ ундирмаган ҳолда ташкил этади.