Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ғалаба боғида ташкил этилаётган Шон-шараф музейи экспозиция фондини бойитишда иштирок этишга чақирмоқда. Очилиш маросими Хотира ва қадрлаш куни — 9 май арафасида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.

Вазирликнинг қайд этишича, йиғилган экспонатлар Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушига қўшган ҳиссаси сифатида акс эттирилади.

Музейга топширилган ашёлар мутахассислар томонидан қабул қилинади ҳамда қаҳрамон ҳақидаги маълумотлар қайд қилиниб, йўналиши бўйича экспозицияга жойлаштирилади. Шунингдек, фронт ва фронт ортида фашизм балосига қарши курашган аждодлар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида музейнинг Ахборотлар базасига жойлаштирилади.

Экспонатлар қабул қилинаётган манзил: Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани 9-даҳа, Рихсилий кўчаси 9-уй. Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали (собиқ Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети биноси). Мўлжал: Зенит заводи ва Korzinka.uz супермаркети.

Шунингдек, узоқ вилоят ва туманлардаги фуқаролар ўз ашёларини жойлардаги мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимлари орқали ҳам топширишлари мумкин.

Мурожаат учун телефонлар: 71−269−87−93, 99−877−44−08, 90−516−86−23.