20 март куни тахминан 17:20 да Бухорода А-380 автомобиль йўлининг 222-километрида ҳаракатланиб келаётган Nexia-3 автомобилига ўрнатилган газ-баллон ускунаси портлади, дея хабар қилди ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати.

Ҳодиса натижасида автомашина орқа ўриндиғида ўтирган 50 ёшли Л.С. ҳодиса жойида, 24 ёшли А.У. ва вояга етмаган 3 ёшли А.Ғ. кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этишган.

Машина ҳайдовчиси 50 ёшли И. Н. ва олд ўриндиқдаги 27 ёшли Б. У. енгил тан жароҳатлари олиб, тиббиёт муассасасига мурожаат қилишди.

Портлаш сабаблари ўрганилмоқда.

Аввалроқ, 18 март куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида эса сомсахонада газ баллони портлаши натижасида етти киши жароҳатланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, фуқаро А. Т. ўз уйида ноқонуний равишда ташкил этган сомсахона ташкил этган. 20 литр хажмли газ балони ёрилиб, суюлтирилган углеводород газининг ҳаво аралашмасидан чақнаш содир бўлган.

Натижада сомсахонани ишлатиб келаётган Т.Юлдошев (1989 й.т.), ишчилари Д.Юлдошев (1990 й.т.) ва С.Рахматова (1995 й.т.) ҳамда мижоз А.Турсунов (1988 й.т.), Ш. Юлдошев (1989 й.т.), Х.Раимов (1977 й.т.) ва С.Камолиддинов (1985 й.т.) турли даражада куйиш жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳодиса юзасидан 18 март куни туман ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилди.