19 мартдан бошлаб бутун Ўзбекистон бўйича болалар ўйин заллари, дискотека ва дискобарлар, шунингдек, массаж салонлари фаолияти тўхтатилади.

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, ушбу қарор Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида қабул қилинган.

«Тадбиркорлик субъектларидан кўрилаётган чора-тадбирларга хайрихоҳ бўлишларини сўраймиз. Ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун аҳолига карантин даврида бундай муассасаларга ташриф буюрмасликни тавсия қиламиз», — дейилади хабарда.

Ушбу қарор ижроси Давлат солиқ хизмати, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия томонидан қатъий назорат қилинади.