Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик учун жавобгарликни назарда тутувчи модда билан тўлдирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Президент 17 март куни ушбу ўзгаришни назарда тутган қонунни имзолади. Қонун билан қатор қонунлар ва кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказувчи шахс томонидан мазкур тадбирларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик фуқароларга БҲМнинг 10 баравари (2 млн 230 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, тўйхоналар, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахси томонидан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик БҲМнинг 30 баравари (6 млн 690 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Тўйхона, кафе ва ресторанлар эгаси томонидан ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур тартиб Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач амалга киритилади.