Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси эшитиш қобилияти паст бўлган одамларнинг ижтимоийлашувини тубдан ўзгартиришга қаратилган лойиҳани синовдан ўтказишни бошлади. Бунинг учун Миллий палата, «Социал бирлик» ижтимоий ҳаракати (Украина) ва Interactive Group FZC (БАА) компанияси ўртасида уч томонлама меморандум имзоланди.

Миллий палатанинг ҳудудлардаги барча 14 та бўлинмасига шерикларнинг дастурий таъминоти ўрнатилган планшетлар тарқатилди. Ягона ойна маркази, банк, ҳокимиятларга ташриф буюрган имконияти чекланган шахслар ушбу планшетдан фойдаланган ҳолда суҳбатлашиш ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имкониятига эга бўладилар.

Планшетлар интернет орқали таржимонлар марказига уланган бўлиб, ташриф буюрувчилар видеоалоқа орқали имо-ишора тилида мурожаат қиладилар, таржимон уларнинг мурожаатларини ташкилот ходимига сўзлаб беради. Шунингдек, ташкилот ходими айтган барча маълумотлар ҳам имо-ишора тили орқали мурожаатчига етказилади.

Ҳозирда Украинада эшитиш имконияти чекланган одамлар энг кўп ташриф буюрадиган 60 га яқин муассаса шундай планшетлар билан таъминланган. Миллий палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, лойиҳа Ўзбекистонда муваффақиятли якунланса, бу ерда ҳам худди шундай марказ ташкил этилади ва сурдотаржимонлар имо-ишоралар тилини ўзбек ва рус тилларига таржима қилиш билан шуғулланади.