«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ва Ўзбекистон телеканаллари биргаликда коронавирус профилактикаси кунларида «Уй кинотеатри» акциясини амалга оширади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги телевизион эфир вақтини тўлдириш учун давлат ва нодавлат телеканалларга кинофонддан 750 бирликдаги материалларни тақдим этади. Акциянинг биринчи босқичи 250 дан ортиқ киноматериаллар — ҳужжатли ва бадиий фильмлар (2015−2018 йиллар), мультфильмлар (2010−2018 йиллар), қисқа метражли фильмлар ҳамда болаларнинг севимли «Зумраша» киножурналининг янги сонлари (2016−2018) ўз ичига олади.

Шунингдек, «Ўзбеккино» телеканалларга тақдимоти яқин икки ҳафта ичида ўтказилиши мўлжалланган 30 та янги фильмни тақдим этади. Улар орасида «Қўқон шамоли», «Авлоний» , «1 августь» ва бошқалар бор.

«Бизнинг мақсадимиз — мамлакатимиз аҳолиси, айниқса карантин тадбирлари давомида уйда, болалари билан қоладиган болалар ва катталарнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишдан иборат», — деди «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухаликов.

Аввалроқ бутун мамлакат бўйлаб кўнгилочар оммавий тадбирлар, жумладан кинотеатрлар фаолияти тўхтатилган эди. 16 мартдан таълим муассасалари ёпилди, Наврўз сайиллари бекор қилинди.