Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус аниқланганлар сони яна икки киши ортганини маълум қилди. Истанбулдан келган йўловчининг турмуш ўртоғи ва худди шу рейснинг бошқа бир йўловчисида COVID-19 аниқланди.

Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган ушбу беморларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли бўлиб, шифокорлар томонидан стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 15 март куни соат 05:15 да «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиа компаниясига қарашли Истанбул-Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган Ўзбекистон фуқаросида ушбу инфекция қайд этилган эди.