Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 16 март куни махсус авиаборт билан Эронга Covid-19 коронавируси тарқалиши муносабати билан ҳимоя воситалари ва дори воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдамини жўнатди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳукумат фармойишига кўра, ушбу юк стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезонлар, махсус тиббий формалар, ниқоблар, дока, спирт, гигиеник геллар ва дори воситалар сингари умумий оғирлиги қарийб 7 тоннага яқин бўлган тиббий буюмларни ўз ичига олади. Махсус бортга икки нафар ФВВ шифокори ҳамроҳлик қилади. Ортга қайтишлари билан улар икки ҳафталик карантинга олинади.

Аввал хабар қилинганидек, бугун ФВВнинг худди шу бортида Эрондан Ўзбекистонга 28 нафар Ўзбекистон фуқароси, жумладан, ёпилган Эрон-Туркманистон чегарасида қолиб кетган 14 нафар ҳайдовчи, тадбиркорлар, талабалар ва бошқалар олиб келинади.

Маълумот учун, Эрон Ислом Республикасида COVID-19 коронавируси билан касалланганлар сони 14 мингга етди. Бу кўрсатгич бўйича Эрон дунё бўйлаб Хитой ва Италиядан кейин учинчи ўринда туради.