Генерал-майор Жўраев Рустам Мирзаевич Ўзбекистон Миллий Гвардияси қўмондони лавозимига тайинланди, дея хабар қилди Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Рустам Жўраев тайинловга қадар 2018 йил февралидан буён ички ишлар вазири ўринбосари — Тошкент ИИББ бошлиғи бўлиб ишлаб келаётган эди.

Рустам Жўраев (1968 йилда туғилган) — Ички ишлар вазирлиги академияси битирувчиси (1994). 1994−2008 йилларда Ички ишлар вазирлигида турли лавозимларда, 2008−2012 йилларда — Президент девонида, 2012−2015 йилларда Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари, 2015−2015 йилларда — Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, 2015−2017 йилларда — Хоразм вилояти ИИББ бошлиғи, 2017−2018 йилларда — фавқулодда вазиятлар вазири сифатида фаолият кўрсатган.

2017 йилда Миллий гвардия ташкил этилганидан бери генерал-полковник Баҳодир Тошматов қўмондон сифатида хизмат қилди. Унинг қайси лавозимга тайинлангани ҳозирча эълон қилинмади.

Олдин ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган полковник Азиз Анварович Тошпўлатов ички ишлар вазири ўринбосари — Тошкент ИИББ бошлиғи лавозимига тайинланди.

Илгари Андижон вилояти ИИБ бошлиғи бўлган генерал-майор Шухратжон Ўринбоевич Собиров ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Андижон вилояти ИИБни эндиликда полковник Азат Дамирович Тасбаев бошқаради. Ушбу лавозимга тайинлангунга қадар у Ички ишлар вазирлигининг хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган.