16 мартдан бошлаб тиббий ниқоблар экспорти тўхтатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтиришга бағишланган шошилинч йиғилишда эълон қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳимоя ниқобларини ишлаб чиқариш ўн маротабага оширилди ва биринчи марта ҳимоя комбинезони ишлаб чиқарилиши бошланди.

Эслатиб ўтамиз, 15 март куни Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида (аёл киши) COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди.

Шу муносабат билан Covid-19 коронавируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистондаги барча таълим муассасалари 16 мартдан ёпилиши, Наврўз халқ сайиллари, оммавий маросимлар ва одамлар кўп тўпланадиган тадбирлар ўтказилмаслиги ҳамда чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари вақтинча тўхтатилиши белгиланди.