Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев 15 март куни мамлакатда 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат эълон қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Қарор Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Covid-19 янги коронавируси пандемиясини эълон қилгани муносабати билан фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинди.

Фавқулодда ҳолат даврида қуйидаги чора ва вақтинчалик чекловлар жорий этилади:

  • жамоат тартиби, муҳим давлат ва стратегик, қаттиқ режимли, режимли ва алоҳида муҳофаза қилинадиган объектлар, шунингдек аҳоли ҳаётий фаолияти ва транспортнинг ишлашини таъминлайдиган объектларни ҳимоя қилиш кучайтирилади;
  • йирик савдо объектлари фаолияти чекланади;
  • савдо-кўнгилочар марказлар, кинотеатрлар, театрлар, кўргазмалар ва бошқа одамлар кўп тўпланадиган объектлар фаолияти тўхтатилади;
  • карантин жорий этилади, жумладан, аҳолининг санитария-эпидемиологик фаровонлиги соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи Мудофаа вазирлиги ва ички ишлар органларининг тузилмавий бўлинмалари иштирокида кенг миқёсли санитария-эпидемиологик тадбирлар ўтказилади;
  • кўнгилочар, спорт ва бошқа оммавий тадбирлар, шунингдек оилавий, хотира тадбирларини ўтказиш тақиқланади;
  • Қозоғистон ҳудудига кириш, шунингдек, барча транспорт воситалари билан чиқиш учун чекловлар жорий этилади, Қозоғистон ва хорижий давлатлар дипломатик хизмати ходимлари, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигининг таклифига биноан мамлакатга ташриф буюрадиган халқаро ташкилотлар делегациялари аъзолари бундан мустасно.

Ҳукуматга тиббий кўрикдан ва даволаниш, карантин режимига риоя қилишдан бош тортган, эпидемиологик вазиятни аниқлашга оид маълумотларни яширган шахслар устидан назоратни кучайириш ва уларни жавобгарликка тортиш бўйича топшириқ берилди.