Ўзбекистонда Наврўз байрами муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган бир қатор тадбирлар бекор қилинди. Вазирлар Маҳкамаси 13 мартда ўтказилган йиғилишда тегишли қарорни қабул қилди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, Наврўз байрами арафасида Тошкентда ўтадиган Наврўз марафони, Хивада 31 март -1 апрель кунлари ташкил этиладиган «2020 йилда Хива шаҳри туркий дунё маданияти пойтахти» йилининг расмий очилиш маросими ҳамда «Бухоро шаҳри — Ислом олами маданияти пойтахти», деб эълон қилиниши муносабати билан 14−16 апрель кунлари ўтказиладиган тадбирлар бекор қилинди.

Ўз навбатида, асосий байрам тадбирлари ва халқ сайллари ўтказиладиган жойларда янги турдаги COVID-19 коронавирусининг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида тегишли профилактик чоралар кўрилади, тиббий назорат кучайтирилади.

Жойларда кўчма савдо дўконлари, ҳунармандчилик кўргазмалари, китоб расталари, баҳорий таом сотиладиган очиқ ошхоналар ташкил этилади, миллий чорпоялар, сўрилар ва хонтахталар жойлаштирилади.

Боғларда, очиқ майдонларда дорбозлар, полвонлар, масхарабозлар, қўғирчоқбозларнинг томошалари, қушлар кўргазмаси, варрак учириш, арқон тортиш, арғимчоқ учиш каби халқ ўйинлари мусобақалари ташкил этилади.

Сайл давомида мамлакатда истиқомат қиладиган турли миллат вакилларининг бадиий чиқишлари, фольклор-этнографик гуруҳларнинг концертлари ҳам ўтказилади.

Йиғилишда жорий йилнинг 14−15 март кунлари «Обод юрт» умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хайрия ҳашарини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва юқори савияда ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.