11 март куни БМТ Тараққиёт Дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги ваколатхонаси қошидаги Акселератор лаборатория томонидан Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштиришга қаратилган краудфандинг ташаббусига старт берилди.

«Яшил Орол денгизи» ташаббуси Орол денгизининг қуриган тубидаги 100 гектар майдонга 100 000 дона саксовул кўчатларини экиш ва шу билан Орол фожеасининг оқибатларини бартараф этишга, ҳудудда яшовчи аҳоли турмуш даражасини яхшилашга ҳисса қўшишни мақсад қилган, дея хабар берди БМТТД ваколатхонаси «Газета.uz»га.

Ташаббуснинг ўзига хослиги хоҳловчи фуқаролар, компаниялар ва ташкилотлар маблағларини йиғишга асосланган. Ташаббусни унинг сайтига ташриф буюриб, пул ўтказиш орқали қўллаб-қувватлаш мумкин. Кампания қатор давлат органлари томонидан қўллаб-қувватланди ва бир қатор йирик ҳомийларни жалб этди.

Ташаббус Орол денгизи ҳудудидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича кенг миқёсли дастурларнинг бир қисми ҳисобланади. У ҳукумат БМТТД билан шерикчиликда амалга ошираётган Орол денгизи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар зонасига айлантириш концепциясига киритилган.