Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Сариосиё туман бўлими томонидан «Қишлоқ қурилиш банк»нинг туман филиалида бўлим бошлиғи бўлиб ишлайдиган Ш. Ш. ва бошқаларга қарши терговга қадар текширув ўтказди, дея хабар қилди департамент матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Олинган тезкор маълумотлар ва тўпланган ҳужжатларга асосан ўтказилган терговга қадар текширувда Ш. Ш. ва бошқалар 2019 йил декабрь ва жорий йилнинг январь ойларида туман халқ таълими тизимидаги мактаб ўқитувчилари ва ходимларига тўланиши керак бўлган иш ҳақлари ва аванс пуллари ҳисобидан жами 1,2 млрд сўм пул маблағларини ўзлаштириб юборгани маълум бўлди.

Ушбу текширув давомида банк ходимлари томонидан ўзлаштирилган бюджет пул маблағлари департамент ташаббуси билан ундирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш. Ш. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.