Президент Шавкат Мирзиёев «Олий Даражали Дўстлик» ордени таъсис этиш тўғрисида"ги қонунни имзолади, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўтган йили 30 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 11 октябрда Сенатда маъқулланган қонун бешта моддадан иборат. Қонун билан «Олий Даражали Дўстлик» ордени таъсис этилган. Шунингдек, у тўғрисидаги низом ва орден тавсифи тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан Ўзбекистон Республикаси халқининг чексиз ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро дўстлик, ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини барқарор ривожлантиришда, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳал этишда юксак сиёсий ирода намоён этган, фаол ташаббусларни илгари сурган ва кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга янгича руҳ, чуқур ва амалий мазмун бағишлаган ҳамда Ўзбекистон Республикаси олдидаги алоҳида эътироф этилган юксак хизматлари учун:

  • хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари;
  • хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари;
  • халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари;
  • атоқли давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маънавият, маданият ва спорт соҳаларининг кўзга кўринган улкан намояндалари, инсонпарварлик руҳидаги эзгу ишлари билан ном қозонган меценатлар, бизнес ҳамжамиятининг таниқли вакиллари мукофотланади.

«Олий Даражали Дўстлик» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тақдирланиши мумкин. Бунда «Олий Даражали Дўстлик» ордени чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси президентини «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан мукофотлаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ташаббуси билан амалга оширилади. Одатий ҳолларда эса, президент ташаббуси билан амалга оширилади.