14−15 март кунлари «Обод юрт» умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хайрия ҳашари ўтказилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Таъкидланишича, Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида ҳукумат фармойиши қабул қилинган.

«Ҳашар муносабати билан вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ихтиёрий маблағлари Ўзбекистон „Маҳалла“ хайрия жамоат фондининг банкдаги ҳисобварақларига ўз ташаббусларига кўра ўтказилиши тавсия этилди», — дейилади хабарда.

Хайрия ҳашаридан тушган маблағлар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга, ижтимоий ҳимояга муҳтож кексаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга, ёлғиз қарияларга, пенсионерларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга сарфланиши назарда тутилмоқда.