Қозоғистон Миллий банки дунё нефть бозорларидаги тушишлар сабабли молия тизими барқарорлиги учун вужудга келган хатарлар ортидан қайта молиялаш ставкасини +/- 1,5 фоиз пункти коридорида 9,25 фоиздан 12 фоизгача оширди, дея хабар қилди РИА Новости маҳкама раҳбари Ерболат Досаевга таянган ҳолда.

Душанба куни ҳукумат ва Миллий банкнинг қўшма баёнотида (PDF) дунё бозоридаги вазиятнинг салбий оқибатларини камайтириш ҳамда респубикани иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун зарур ресурслар мавжудлиги таъкидланди. Миллий банк инфляция тезлашувини чеклаш ва тенге курсининг ҳаддан зиёд волатиллигига йўл қўймаслик учун қайта молиялаш ставкасини ошириш зарур бўлган ҳолатларга тайёр эканини маълум қилди.

Ерболат Досаев қайта молиялаш ставкасининг оширилиши макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни сақлаш, ташқи бозорларнинг ички нархлар ва долларлашув даражасига салбий таъсиридан огоҳлантириш учун шароит яратишини қайд этиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Миллий банк эркин сузиб юрувчи тенге айирбошлаш курси тарафдори эканлигини тасдиқлайди.

Қозоғистон Миллий банки дунё иқтисодиёти ва халқаро бозорлардаги вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб, мамлакат молия бозоридаги барқарорликни таъсинлаш учун қўшимча чораларни қабул қилиш зарур бўлган ҳолатларга тайёр.

Аввалроқ «Газета.uz» Қозоғистондаги вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига эҳтимолий таъсирлари ҳақида ёзган эди (рус тилида).