9 март куни жаҳон молия бозорларида фонд биржаларининг қулаши, нефть нархининг кескин пасайиши ва рублнинг арзонлашиши кузатилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк ҳамда Молия вазирлиги раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида жаҳон молия ва хом ашё бозорларидаги охирги ўзгаришларнинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини ўрганиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтган.

Иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоровнинг фикрларига кўра, нефть нархининг тушиши оқибатида газ нархининг пасайиши ва айрим мамлакатлар миллий валютасининг девальвацияси Ўзбекистон экспорт тушумларига салбий таъсир кўрсатади. Ўз навбатида, нефть ва газ нархи пасайишининг ички бозорга ижобий таъсири ҳам ўрганиб чиқилиши айтилган.

Қўчқоровнинг айтишича, халқаро товар ва молия бозорларида юзага келган вазиятнинг сўмнинг алмашув курсига таъсири ҳозирча нейтрал деб баҳоланмоқда.

Газ нархи пасайиши сабабли Давлат бюджети даромадларининг йўқотишлари жаҳон бозорида олтин нархининг юқори эканлиги эвазига тўлиқ қопланиши айтилган. Вазирнинг таъкидлашича, давлат бюджети барча мажбуриятларни тўлиқ таъминлаш имконига эга.

Халқоро молия ва товарлар бозорларидаги тебранишларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири кўлами уларнинг қанчалик узоқ муддат давом этишига боғлиқ бўлиши айтилган.

Ўзбекистон ҳукумати ҳамкор давлатларнинг макроиқтисиодий барқарорликни таъминлаш бўйича эълон қилган режаларини ижобий баҳолаши билдирилган. 13 март куни МДҲ давлатлари иқтисодий кенгашининг йиғилишида ташқи савдо бўйича Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорлари билан ушбу масалалар яна муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Йиғилиш натижасида мамлакат макроиқтисодий барқарорлигига салбий таъсирларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун Марказий банк, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Молия вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.