2020 йилда пробация хизматлари электрон билагузуклардан фойдаланишни бошлайди, жорий йилда 3000 тагача шундай қурилмани жорий этиш режалаштирилмоқда, дея хабар қилди Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасаларини видеокузатув мосламалари ва шахсий видеорегистраторлар (боди-камералар) билан жиҳозлаш ҳамда Пробация хизмати амалиётига электрон браслетларни татбиқ этиш дастури тасдиқланди.

Жумладан, 18 та жазони ижро этиш колонияларида 1833 дона видеокузатув мосламаси ва 36 комплект шахсий видеорегистраторлар (боди-камералар) ўрнатилади.

Эслатиб ўтамиз, ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати фаолияти 2019 йил 1 январдан йўлга қўйилган эди. Пробация давомида шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат амалга оширилади.