2020 йилнинг барча учун қувончли янгилигидан бири — прописка тизимининг бекор қилиниши бўлди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида жорий йилнинг 1 апрелига қадар прописка тизимини ислоҳ этиш таклифини билдирганди.

Парламент ва ҳукумат вакиллари давлат раҳбарининг мурожаатномасидан сўнг мавжуд прописка тизимини очиқ танқид қила бошлади. Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси оммага эълон қилингунча, амалдорлар бу ҳақда расман танқидий фикр билдирмаган. Аксинча, прописка талабларини қийинлаштиришни кўзда тутувчи ҳужжат лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинганди.

Шунга қарамай, Ички ишлар вазирлиги прописка тизимини ислоҳ этишга хайрихоҳ эканини яширмаган. Ўтган йили ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шохрух Ғиёсов тизим бекор қилинса, соҳа ходимлари иши анча енгилаб қолиши айтган. У вазирлик пропискани сақлаб қолишга интилмаслигини таъкидлаганди.

Олий Мажлис депутати бўлган Иброҳим Ҳожиев прописка тизими йўқолишига ишора қилиб, журналистларга фикрини билдирганди.

«Шахсий фикримни билдирадиган бўлсам, бу нотўғри, — деди депутат Иброҳим Ҳожиев. — Шахсан ўзимга ва бошқа кўп депутатларга ҳам айнан шу масалада жуда кўп мурожаатлар келиб тушади. Сизни ишонтириб айтаман, бу масала ҳам тартибга солинади. Шу муаммо юзасидан иш олиб бораётган ишчи гуруҳ таркибида депутатлар ҳам бор. Бу масала шундай қолмайди, ўзгариш бўлади. Албатта бу вақт талаб қилади, лекин узоқ кутмайсизлар. Босқичма-босқич тартибга солинади. Бу бўйича белгиланган топшириқлар бўлган».

Ваниҳоят, президент имзолаган 2020 йилги Давлат дастурида мазкур вазифа аниқ белгиланди. Энди буёғи вақт ва ишчи гуруҳнинг меҳнатига боғлиқ. Аммо прописка ўрнини нима эгаллайди? У батамом йўқ бўладими ё бошқа сўзлар билан ифодаланадиган прописка тизими сақланиб қоладими? Шу саволларга жавоб топиш учун ИИВ мутасаддилари билан суҳбатда бўлдик.

ИИВ бошқарма бошлиғи Улуғбек Муҳаммедов «Газета.uz»га фикрини билдириб, прописка ўрнини регистрация, яъни қайд этиш эгаллашини айтди.

«Бу иккисининг ўртасида асосий фарқ — уларнинг характерида: пропискага доим рухсат берувчи талаб сифатида қаралган. Масалан, прописка бўлсагина бошқа ишларга рухсат берилган. Регистрация эса огоҳлантирувчи характерда бўлади. Мисол учун, киши яшаш жойини ўзгартирса, янги манзилини билдириб қўяди. Почта ва тўловлар юбориш учун ҳам бу муҳим», — деди у.

ИИВда юқори лавозимда ишлайдиган амалдорнинг айтишича, қайд этиш тизими ишга тушгач, уч хил йўл билан регистрациядан ўтиш мумкин бўлади. Биринчиси — ИИБ органлари орқали, иккинчиси — Давлат хизматлари агентлиги ҳамда учинчиси — махсус мобил илова орқали. Албатта, ушбу таклифлар устида ҳали иш олиб борилмоқда, улар расман тасдиқланмаган.

Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромов прописка тизимида тўсиқлар мавжуд бўлганига қарамай, 2011 йилдан ҳозирга қадар Тошкент вилоятида 76 мингдан зиёд, Тошкент шаҳрида эса 200 минг фуқаро доимий пропискага ўтганини билдирди.