«Навоий КМК» давлат корхонаси номланиши табиий уран ва нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхонаси — «Навоийуран» давлат корхонасига ўзгартирилди. Бу ҳақда «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" президентқароридабаён этилган.

Шунингдек, «Навоий КМК» ДК мол-мулки қисми негизида:

  • қимматбаҳо металларни қазиб олувчи ва ишлаб чиқарувчи, АЖ кўринишидаги «Навоий КМК» АЖ ишлаб чиқариш корхонаси;
  • «НКМК жамғармаси» давлат муассасаси таъсис этилади.

Қарорда белгиланишича, Давлат активларини бошқариш агентлиги «НКМК жамғармаси» ДМ ва «Навоийуран» ДКнинг таъсисчиси ҳисобланади. Молия вазирлиги «НКМК» АЖ устав капиталидаги давлат улушининг акциядори (таъсисчиси) функциясини бажаради.

«Навоий КМК» ДК ходимларининг «НКМК» АЖ ва «НКМК жамғармаси» ДМга ўтказилиши Меҳнат кодексининг 98-моддасига мувофиқ амалга оширилади. Бунда, ўтказилган ишчи ходимларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг амалдаги шартлари, шу жумладан белгиланган тариф разрядлари ва ставкалари, мукофотлар, қўшимча ҳақлар ва устамалар, моддий ёрдам ҳамда қонун билан белгиланган район коэффициентлари сақлаб қолинади.

Таъкидланишича, 5 йил давомида «НКМК жамғармаси» ДМ ихтиёрига берилаётган «Навоий КМК» ДК ишчи ходимлари сонини қисқартириш ва ижтимоий инфратузилма объектларининг фаолият турини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Қарор билан «Навоий КМК» ДК ишчи ходимларининг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси масалаларини комплекс ҳал қилиш бўйича комиссия ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куникорхонани ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказганди. Ҳозирги кунда комбинатнинг баланс қиймати 1,3 миллиард доллар бўлса, шу даражадаги хорижий корхоналарнинг бозор нархи 11 миллиард долларни ташкил этади. Шу боис НКМКни замонавий компанияга айлантириш мақсад қилинган.