Жума ва дам олиш байрам кунларида Ўзбекистон ҳудуди маркази шимолий Урал ҳудуди устида жойлашган совуқ антициклон чегараси таъсирида бўлади, дея хабар қилди Ўзгидромет матбуот хизмати.

Республикада об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади, фақат 7 мартга ўтар кечаси мамлакатимизнинг марказий, жанубий ва шарқий ҳудудларида асосан ёмғир кўринишида кучсиз ёғингарчилик бўлади.

Тунги ҳарорат 0 даражагача пасаяди, айрим жойларда 1−2 даража совуқ бўлиши мумкин, кундузи ҳавонинг нисбатан совуқ бўлиши, салқин шарқий шамол эсиши кутилмоқда. Кундузги ҳарорат 7−12 даража илиқ атрофида бўлади, бу ўртача кўп йиллик ҳароратдан сал пастдир.