Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 март куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги ушбу молиявий институт делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашувда узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари батафсил кўриб чиқилди.

ЕТТБ президенти ушбу етакчи халқаро молиявий ташкилот Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурига ҳар томонлама кўмаклашишни давом эттириш ҳамда шериклик кўламини тубдан кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.

Инфратузилмани модернизация қилиш, банк соҳаси, тўқимачилик ва саноатнинг бошқа тармоқларини ривожлантириш, кичик бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича устувор лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялар, илғор тажриба, билим ва технологияларни жалб қилишга қаратилган қўшма тадбирларнинг режаси ва кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва ЕТТБ 2017 йилда шерикликни қайта йўлга қўйганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўтган даврда банкнинг мамлакат стратегияси ва қўшма «йўл харитаси» қабул қилинди ва амалга оширилмоқда. Янги инвестициялар ҳажми 1,1 миллиард долларга етиб, энергетика, иссиқлик ва сув таъминоти, коммуникациялар, йўл ва уй-жой қурилиши каби устувор тармоқларга йўналтирилган. Айни пайтда, ЕТТБ киритган сармоянинг учдан бир қисми хусусий сектор ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда.

Тошкентдаги ваколатхонадан ташқари банк Андижонда ўз офисини очди, жорий йилнинг охиригача Урганчда ҳам очишни режалаштирмоқда.