Ўзбекистонда вояга етмаганларни профилактика ҳисобига қўйиш жараёнини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда. Ушбу масала ўтган жума куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида муҳокама қилинди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Сенатор Назира Мухторва вояга етмаганларни профилактика ҳисобига қўйиш ваколатини Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги, Ёшлар иттифоқи ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар комиссияларига ўтказишни таклиф қилди. Ҳозирда бу иш билан профилактика инспекторлари шуғулланмоқда, унинг қарори туман ёки шаҳар ички ишлар бўлимлари бошлиқлари томонидан имзоланмоқда.

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Тошпўлатов ҳисобга қўйиш вояга етмаганларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини тан олди. У профилактика инспекторлари ваколатларини Соғлиқни сақлаш тизимига ўтказишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларининг ҳам ушбу вазирлик тизимига ўтказилиши режалаштирилган.

«Болалар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига олиб келинганида, ходимлар уларни маҳбуслардек қўриқламоқда. Бу нотўғри», — деди ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари.

Сенат раиси Танзила Норбоева ваколатнинг ССВга ўтказилишини тўғри эмаслигини, чунки бу масала ушбу вазирлик компеценциясига мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, жараённи Халқ таълими вазирлиги тизимига ўтказиш мақсадга мувофиқ.

ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Даврон Азизов сенаторнинг таклифини қўллаб-қувватлади. У профилактика инспекторлари ҳисобга қўйиш ўрнига вояга етмаганлар билан умумий тартибда суҳбатлар ўтказишини маълум қилди.

Бундан ташқари, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида» ва «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида» қонунларни бирлаштириш режалаштирилмоқда. Янги ҳужжат профилактик ҳисобига қўйиш қоидаларини қайта кўриб чиқади ва бекор қилиши мумкин.

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (РБИММ) директори Васила Алимова бу йўналишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан эмас, Халқ таълими вазирлиги ёки Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги, шунингдек, нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш яхшироқ деб ҳисоблайди.