1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартиб жорий этилади. Президентнинг 2 мартдаги фармонида бу ҳақда сўз боради.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган фуқаролар томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилинади.

1 апрелга қадар қонун ҳужжатларига мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Жумладан, доимий пропискага қўйишда Уй-жой кодексининг бир киши учун турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидаларига риоя этиш бўйича талабларни назарда тутади. Эслатиб ўтамиз, бир киши учун турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси 16 кв. м. дан, ногиронлик аравачасида ҳаракатланадиган инсонлар учун эса 23 кв. м. дан кам бўлмаслиги керак.

Бундан ташқари, пропискага қўйиш билан боғлиқ жараёнлар ва уларни «ягона дарча» тамойили асосида амалга ошириш механизмларини рақамлаштириш белгиланди.

Фармонда Ўзбекистонда 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишда республика аҳолиси учун Тошкент шаҳри билан бир қаторда қўшимча равишда «ўзига тортувчи марказлар»ни яратиш мақсадида табиий ва ижтимоий-иқтисодий салоҳиятга эга энг йирик шаҳарларни белгилаш топширилди. Ҳудудларда олий таълимнинг талаб юқори бўлган йўналишларида ўқитишни ташкил этиш, шу жумладан, Тошкент шаҳрида жойлашган етакчи олий таълим муассасаларининг филиаллари очилади.

Президент Шавкат Мирзиёев прописка тизимини ислоҳ қилиш масаласини парламентга мурожаатида тилга олган, ушбу муаммо 30 йил давомида ўз ечимини топмаганини таъкидлаб ўтган эди.

Бунга қадар амалда бўлган тартибга кўра, уч йилгача олдин қурилган янги турар жой биносида ҳар қандай нархда уй харид қилганлар нотариал шартномада кўрсатилган маблағнинг 5 фоизи, бироқ ЭКИҲнинг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божини тўлаган ҳолда Тошкентда прописка олиши мумкин эди.