3 март куни Қашқадарё вилоят ҳокимлигида кенгайтирилган таркибда ўтказилган йиғилишда Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовнинг аудиоёзуви ва Яккабоғ туманидаги фермер ишчилари ўртасида низолар муҳокама қилинди. Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Зоир Мирзаев ҳодисаларга ўз муносабатини билдирди.

«Иш фаолиятимизнинг кўп қисми ҳокимлар ва раҳбарларни тартибга чақириш билан ўтиб кетяпти. Миришкорнинг зўравон ҳокими ўз ҳатти-ҳаракати билан вилоят номига доғ туширди. Бирор бир ҳокимда яхши ташаббус кўрмаймиз, одамларнинг турмуш-тарзини яхшилаш мақсадида улар таклиф ҳам бермайди. Афсуски, замон ўзгараётганини сиз раҳбарлар сезмаяпсизлар», — дея Nasafnews манбаси Зойир Мирзаев сўзларидан иқтибос келтирган.

Шунингдек, Мирзаев Яккабоғдаги фермер ишчиси аёллар устига керосин сепиб, ёқиб юборишга уриниши билан боғлиқ ҳолатни раҳбарларнинг уқувсизлиги билан боғлаган ва туманнинг айрим мутасаддилари адолатсиз қарор чиқарганини танқид қилган.

Йиғилишда вилоят ҳокими Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовнинг хатти-ҳаракати Регламент ва одоб комиссияси ва депутатлар иштирокида муҳокама этилиши лозимлигини ҳам айтиб ўтди.

2 март куни вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати тарқатган баёнотда ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзув айнан туман ҳокими Ражабовга тегишли экани билдирилганди. Ҳозирда мазкур ҳолат вилоят прокуратураси назорати остида туман прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.