3 март куни эрталаб 6:54 да Бектемир туманидаги «Қўйлиқ» бозори қаршисида жойлашган грил тайёрлаш ва сотиш дўконида ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати.

Ёнғин натижасида грил тайёрлаш ва сотиш дўконининг 15 кв.м., парфюмерия дўконининг 10 кв.м. ҳамда «Таом» МЧЖ дўконларининг 15 кв.м майдони ёнган.

Фото: ФВВ матбуот хизмати.

Ёнғин оқибатида дўконларнинг ички ва том қисми ёнган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари томонидан амалга оширилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 07:19 да бартараф этилган ҳамда ёнғинга туташ бир қанча дўконлар майдони сақлаб қолинган, дея хабар қилди ФВВ матбуот хизмати.

Ёнғинни бартараф этиш учун 4 та ёнғин-қутқарув техникаси жалб қилинган. Ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.