2 март куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, ташқи ишлар бўйича комиссия девонхонаси раҳбари Ян Цзечи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари ахборот хизмати хабар берган.

Таъкидланишича, юқори мартабали меҳмон президентга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ХХР раиси Си Цзиньпиннинг Шавкат Мирзиёев номига йўлланган шахсий мактубини топширди.

«Ушбу мактубда кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликда юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилган ҳамда янги турдаги коронавирус тарқалишига қарши курашда кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорлик билдирилган», — дейилади хабарда.

Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-Хитой шериклигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Томонлар Ўзбекистонда энергетика, нефть-газ, кимё, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ҳамда инфратузилмани модернизация қилиш бўйича устувор лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишни давом эттириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратган.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, БМТ, ШҲТ ва бошқа тузилмалар доирасидаги конструктив мулоқотни мустаҳкамлаш, шунингдек, «Бир макон, бир йўл» ташаббусини илгари суриш доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати