«Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги Ўзбекистон президенти фармони имзоланди, деб хабар берди «Тараққиёт стратегияси» маркази директори Элдор Туляков.

Унинг айтишича, бу йилги давлат дастури 284та банддан иборат бўлиб, унда умумий қиймати 18,2 трлн сўм ва 10,3 млрд АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Давлат дастури лойиҳаси 320та банддан иборат ҳолда жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилганди. Унинг доирасида жами қиймати 17,5 трлн сўм ва 9,6 млрд долларга тенг лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилганди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази маълумотига кўра, муҳокама жараёнида аҳолидан 3162та таклиф келиб тушди. Улар бўйича ўтказилган муҳокамалар якунига кўра, лойиҳага жами 62та концептуал ва 30дан ортиқ таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан:

  • «Mening fikrim» порталида ташаббусларни кўриб чиқиш, қабул қилиш ва рад этиш жараёнларининг очиқлигини таъминлаш;
  • судьяларни ротация қилишнинг аниқ ва шаффоф механизмини жорий этиш;
  • ташқи қарзларни олиш ва уни мақсадли сарфлаш жараёнида Олий Мажлис ролини кучайтириш;
  • «яширин иқтисодиёт» субъектларини аниқлашда жамоатчилик назорати механизмларини жорий қилиш;
  • камбағалликни аниқлаш мезонларини ишлаб чиқишда маҳаллий депутатларнинг иштирокини кенгайтириш;
  • «Китоб куни»ни белгилаш ва шу кунда республика бўйлаб оммавий ижтимоий тадбирлар ўтказиш;
  • талабалар турар жойларини қуришни давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш;
  • Ўзбекистонда сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизимини такомиллаштириш каби таклифлар дастурга киритилди.