Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев. 26 февраль куни Андижон вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри раҳбар ҳамда ходимлари иштирокида ўтган йиғилишда қўл остидаги айрим раҳбарларни ишдан бўшатди, хабар берди қўмита ахборот хизмати.

Таъкидланишича, йиғилишда ўз вазифаларига совуққонлик билан қараб соҳага оид президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминламаганликлари ва туманда етарли даражада ишни ташкил этмаганлиги учун Улуғнор, Жалақудуқ ва Шаҳрихон туман филиаллари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, ер майдонларидан фойдаланишни назорат қилиш ишлари ва хатловлар якуни бўйича туманда етарли даражада иш ташкил этмаганлиги учун Избоскан, Қўрғонтепа туманлари ҳамда Андижон шаҳар филиал раҳбарларига интизомий жазо берилди

Қўмита ахборотига кўра, Абдуллаев бўш турган ер майдонларини аукцион савдоларига қўйиш Андижон вилоятида қониқарсиз ҳолатда экани, вилоятда 6500 гектар атрофида бўш турган ер майдонлари мавжудлигига қарамасдан ноқонуний равишда уй-жойлар ва ижтимоий объектлар қурилиши асосан экин ерларда амалга оширилаётганлигини жиддий танқид қилди.

Йиғилишда энг оғриқли масала коррупция хусусида тўхталиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича «Андижон усули»ни ташкил этиш ва республикада намуна бўлишга чақирилган.

Қўмита раиси, бундан аввал, ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашиб, қишлоқ хўжалиги ерларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларига ҳеч бир муносабат билдирмаганлиги ва ўз ишига совуққонлик билан қарагани, ер тузиш ва ер майдонларини муҳофаза этиш тадбирларини амалга оширмаганлиги учун Қашқадарё вилоятидаги 10 нафар раҳбар ва ходимларини эгаллаб турган вазифасидан озод этганди.