1 мартдан Uzbekistan Airways авиакомпанияси Япония ва Италияда коронавирус авж олгани муносабати билан Токио ва Римга авиақатновларни вақтинча тўхтатади. Бу ҳақда ташувчи матбуот хизмати хабар қилди.

Худди шу санадан бошлаб Сеулга ҳам мунтазам авиақатновлар вақтинча тўхтатилади.

Мақсад — Ўзбекистон ҳудудида мазкур вирус тарқалишининг олдини олишдан иборат.

Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда авиакомпаниянинг барча рейсларида юқори хавфсизлик чоралари жорий этилган, шу жумладан, Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтувчи шахслар санитария-карантин тадбирлари ва тиббий-санитария назоратларидан ўтказилмоқда.

Йўловчиларнинг вақтинча жойлаштириш пунктида туришлари масалалари бўйича Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг бош қароргоҳига 71−276−49−66 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.