28 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлис йиғилиши иш бошлади. «Газета.uz"мухбирининг хабар беришича, йиғилишда 17та масала кўриб чиқилиши белгиланган. Сенат раиси йиғилишда кириш нутқида айрим масалаларга тўхталиб ўтди, хусусан у камбағаллик ҳақида сўзлади.

Норбоеванинг таъкидлашича, Ўзбекистон тарихида биринчи марта камбағалликнинг борлиги ва аҳолининг катта қисмини ташкил этиши тан олинди. Яъни 4−5 миллион аҳоли камбағалликда яшамоқда.

«Мустақиллик тарихида Ўзбекистон кун тартибида бундай масала кўрилмасди. Ушбу масалани очиқ-ойдин айтиш учун, ўтган уч йилда тайёргарлик олиб борилди», — деди у.

Сенат раиси ушбу масала одамларнинг дунёқараши билан ишлашни тақозо этиши ҳақида гапирди. Унинг айтишича, халқ — ориятли, камбағалликни бошдан кечирса-да, бошқага айтмайди.

«Мана шу одамларга ёрдам бериш, давлат томонидан катта маблағлар ажратилиши режалаштирилмоқда. Шу маблағларни ўринли ишлатиш, янги иш ўринларни яратиш ҳамда йил якунига қадар аҳоли турмуш тарзини яхшилаш вазифаси турибди» , — дея муносабат билдирди у.

Сенат раисининг таъкидлашича, айни пайтда маҳаллий кенгашлар аъзолари бўлган сенаторлар камбағал аҳоли рўйхатини шакллантириб, уларнинг шаънини ҳимоя қилган ҳолда аҳолини тадбиркорликка йўналтириши лозим.

Эслатиб ўтамиз, 27 февраль куниЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди. Видеоселектор йиғилишида камбағалликни қисқартириш борадаги ишларни тизимли ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинганди.

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12−15 фоиз ёки 4−5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10−13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди», — деган эди Шавкат Мирзиёев.