Сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида"ги қонунни маъқуллаб овоз беришди, деб хабар бермоқда «Газета.uz"мухбири.

Қўмита раиси Батир Матмуратов маъруза қилиб, қонун моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапириб ўтди. Унинг айтишича, қонун билан фуқаролик олиш тартиби соддалаштирилади.

Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга кириб келиб, доимий рўйхатдан ўтган, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва ушбу қонун кучга киргунга қадар Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида истиқомат қилган шахс истак билдирган тақдирда Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олинади.

«Маълумки, 1991 йилдан 2020 йил февралгача 11 минг 647 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган бўлса, уларнинг 96 фоизи 2016 декабрдан жорий йил февраль ойи оралиғида фуқаролик мақомига эга бўлган. Амалдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида"ги қонун1997 йилда қабул қилинган бўлиб, аксарият нормалари замон талабига жавоб бермайди. У маънан эскирган, бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга жавоб бермаслигини биламиз», — деди сенатор Матмуратов.

Қонунда яшаш гувоҳномаси, хорижий давлат фуқароси, хорижда доимий яшовчи шахс, фуқаролиги бўлмаган шахс тушунчаларига шарҳ берилган. Қонуннинг асосий принциплари этиб, ягона фуқаролик, тенг ҳуқуқлик, фуқаросизликни қисқартириш ва очиқлик тамойиллари белгиланди.

Матмуратовнинг айтишича, қонунда туғилган жойи ёки ота-онасининг фуқаролиги бўйича хорижий давлат фуқароси бўлган болаларнинг Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш тартиби белгиланди. Шунингдек, фуқароликни йўқотишга сабаб бўладиган сабабларсиз консуллик рўйхатида турмаслик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди.

«Фуқароликка қабул қилишнинг асосий шартларидан бири сифатида давлат тилини етарли даражада билиш бўйича талаблар жорий этилди», — деди сенатор.