Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 февраль куни тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Видеоселектор йиғилишида камбағалликни қисқартириш борадаги ишларни тизимли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12−15 фоиз ёки 4−5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10−13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак», — деди давлат раҳбари.

Йиғилишда аввало ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят даражасидаги ҳақиқий шароит ва аҳволни таҳлил қилиш кераклиги қайд этилди. Бунинг учун, биринчи йўналишда камбағалликка оид реал аҳвол, яъни маҳаллалардаги даромади кам оилалар сони ҳақида маълумот йиғилиши, иккинчи йўналишда туман ва шаҳарнинг салоҳияти, табиий ресурслари, ер ва инфратузилма имкониятлари харитаси тузилиши белгиланди.

«Одамларнинг меҳнат қилиб, бой бўлиши ва яхши ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратишимиз зарур», — деди президент.

Қайд этилганидек, тадбиркорлик яхши ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудлар атрофида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва бўш турган ер майдонларида кичик саноат зоналари ташкил этилади. Зарур инфратузилма яратиш учун Кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларига бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Улардаги ер участкалари тадбиркорларга бозор қийматида эгалик ҳуқуқи билан сотилади. Ушбу лойиҳа ўзини оқласа, иккинчи ярим йилликда яна қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ҳокимлар билан биргаликда янги кичик саноат зоналари учун бўш ер майдонларини аниқлаб, инфратузилма билан таъминлаш вазифаси юклатилди.

Фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни камбағал аҳолига ажратиб бериш, зарур жойларда артезиан ва қудуқлар қазиш бўйича топшириқ берилди.

Аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, касбий малакасини ошириш орқали камбағалликни камайтириш энг асосий масала ҳисобланади.

Ҳозирги кунда мамлакатда расман иш билан банд бўлмаган 1 миллион 400 мингга яқин аёллар ва ёшлар бор. Хотин-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси 13 фоиз, ёшларда эса 15 фоизни ташкил этмоқда. Фарғона, Самарқанд, Андижон, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бу кўрсаткич юқори.

Шу билан бирга, бугунги кунда қурилишда 104 минг, коммунал соҳада 71 минг, хизмат кўрсатиш соҳасида 68 минг, енгил саноатда 46 минг нафар мутахассисга эҳтиёж мавжуд.

Йиғилишда шу каби талаб бор жойларга малакали мутахассислар етказиб бериш, бандликни таъминлаш учун ҳар бир ҳудудда ишсиз аҳолини тадбиркорликка ўқитиш курслари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Ўқиш якуни бўйича Кичик бизнесни ривожлантириш агентлиги томонидан танлов эълон қилиниб, энг илғор лойиҳа учун «стартап»га 20 миллион сўм миқдорида грант ажратилади. Ҳокимлар ҳам маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан илғор тадбиркорлик лойиҳаларига грантлар беради.

Касбга ўқиш истагини билдирган ёлғиз ва кўп фарзандли аёллар, ишсизлар учун кундалик ҳаётда эҳтиёж юқори бўлган ҳунарлар, хусусан, тикувчилик, пазандалик, сартарошлик ва бошқа йўналишларда касбга ўргатиш курслари ташкил этилади. Бунинг учун маҳалла идоралари ёки ҳудуддаги бинолардан жой ажратилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига «Маҳалла гузарларида касбга ўқитиш дастури»ни ишлаб чиқиб, талабгорлар рўйхатини шакллантириш бўйича кўрсатма берилди.

Қатор ҳудудларда касбга ўқитиш борасидаги ишлар кескин танқид қилинди. Жумладан, Қорақалпоғистоннинг 11 туманида, Бухоро ва Тошкент вилоятларида 9 тадан, Сурхондарёнинг 7, Жиззахнинг 5 туманида бирорта ҳам бундай марказлар йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Касбга тайёрлаш марказларини ташкил этишга нодавлат ташкилотларни фаол жалб қилиш, улар ўртасида энг яхши касбга тайёрлаш ўқув дастури бўйича танлов ўтказиб, ғолибларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан грант ажратиш бўйича топшириқлар берилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳар бир ҳудудда «Ишга мармаҳат» моно-марказлари ҳамда касбга тайёрлаш марказлари ташкил этиб, ишсизларга касбий билим ва кўникмалар, шунингдек, эҳтиёжга қараб хорижий тилларни ҳам ўргатиш вазифаси қўйилди.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасидаги маблағларнинг 70 фоизи камбағал аҳолига иш ўрни яратишни назарда тутувчи кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига йўналтирилиши белгиланди. Шунингдек, камбағал кишини ишга олган корхоналарга банк кредитлари бўйича қулайликлар берилиши айтилди.