Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Сеулдан келган HY514 рейси йўловчилари Тошкент аэропорти халқаро терминалининг алоҳида залида вақтинча санитария изоляциясига жойлаштирилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир қатор зарур профилактик тадбирлар ўтказилгандан сўнг ва САРС белгилари йўқлиги тасдиқлангандан сўнг,йўловчилар карантин хонасидан чиқиб кетишларига рухсат берилади.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Хитой билан бир қаторда Корея Республикаси, Япония, Эрон, Италия ва баъзи бошқа давлатларда беморлар сони ортаётганини маълум қилиб, хизмат, туризм ва бошқа мақсадларда хорижга чиқишни режалаштираётган ҳамюртларни сафардан олдин соғлиқлари учун таҳдидларни диққат билан ўйлаб кўриш, мамлакатдаги эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва сафар чоғида шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди. Шунингдек, жамоавий тадбирларда иштирок этишдан тийилиш, одамлар тўпланадиган жойларда барча эҳтиёткорлик чораларини кўриш зарурлиги эслатиб ўтилди.

Жанубий Корея Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 27 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 9:00 ҳоатида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 1595 кишини ташкил этди. Беморлар билан яқин алоқада бўлган 21 мингдан зиёд киши текширилмоқда. 13 киши оламдан ўтди.